08:55 (22.10.2024)
455
Муддати ўтган дори воситаларини утилизация қилиш муаммоси анчадан буён ўз ечимини топа олмаяпти. Аксарият одамлар муддати ўтган дори-дармонларни ўзларига қандай зарар етказиши ҳақида ўйламасдан чиқиндига ташлаб юборишади.
Муддати ўтган дориларни дорихоналар орқали утилизация қилиш мумкин, бу аксарият мамлакатларда аллақачон амалга оширилмоқда. Аммо фармацевтларнинг 80 фоизи бундай мажбуриятларни ўз зиммасига олишга тайёр эмас, дейди "Фарма РФ" ҳамжамияти ўтказилган сўров натижаларига таяниб.
Дориларни нотўғри утилизация қилишнинг энг жиддий оқибатларидан бири сув ресурсларининг ифлосланишидир. Чиқиндига ташланган дори-дармонлар тупроқ ва канализация тизимига тушади. Аммо тозалаш иншоотлари сувдан фармацевтик моддаларни чиқариб ташлашга мўлжалланмаган. Натижада улар дарёларга, кўлларга, ундан кейин эса ичимлик сувига тушади. Кимёвий моддалар тупроқ ва ўсимликларда тўпланиб, озиқланиш занжирига киради. Ифлосланган тупроқ ўсимликлар, ҳайвонлар ва одамларга зарар етказади.
Дориларни нотўғри утилизация қилишнинг хавфли оқибатларидан яна бири — антибиотикларга чидамлиликдир. Атроф-муҳитга тушган антибиотиклар бактерияларнинг чидамли штаммларининг ривожланишига ёрдам беради. ЖССТ томонидан антибиотикларга чидамлилик муаммоси соғлиқ учун глобал таҳдидлардан бири сифатида тан олинган.
Ҳомиладорликка қарши воситалар ва стероидлар каби гормонларни ўз ичига олган дорилар ичимлик сувига тушса, одамларда эндокрин тизимининг бузилишига олиб келиши мумкин.
Айрим давлатларда аллақочон, аҳолидан дори-дармонларни йиғиш ва утилизация қилиш бўйича тизим йўлга қўйилган. Одатда бу тизимда давлат, дорихоналар ва фармацевтика компаниялари иштирок этади. Мисол учун, 12 миллион аҳолига эга Бельгия мамлакатида йилига 700 тонна муддати ўтган дори воситалари утилизация қилинади. Норвегия, Франция, Нидерландия, Италия, Швейцария ва АҚШда фармацевтика чиқиндилари давлат дорихоналарига қайтарилади.
Германияда ягона регламент йўқ. Ҳудудларнинг 80 фоизида оддий маиший чиқиндилар саралангандан сўнг ёқилади, муддати ўтган дори воситаларини утилизация қилишнинг тавсия этилган усулларидан бири ҳам шундай чиқиндилар билан бирга ташлаб юборишдир. Баъзи жойларда муддати ўтган дори-дармонларни йиғиш пунктлари, шунингдек, уларни утилизация қилиш билан шуғулланадиган махсус компаниялар мавжуд.
Россия депутати дорихоналарга фуқаролардан муддати ўтган дориларни қабул қилиш вазифасини юклашни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, Россияда 3 млн тоннага яқин тиббий чиқиндилар ҳосил бўлади, уларнинг 70 фоиздан ортиғи қаттиқ коммунал чиқиндиларга ўхшаш, 25 фоизи эса хавфли ҳисобланади.
Аммо "Фарма РФ" ҳамжамияти томонидан ўтказилган сўров фармацевтларнинг 80 фоизи аҳолидан муддати ўтган дориларни қабул қилиш мажбуриятини олишга тайёр эмаслигини кўрсатди. 75% эса бундай чора-тадбирлар фармацевтика чиқиндилари муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бермайди деб ҳисоблайди.
Сўровномади иштирок этган фармацевтларнинг аксарияти (66%) ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламайди. Респондентларнинг 14% ташаббуснинг тўғрилигига қўшилади, лекин уни амалга ошириб бўлмайди деб ҳисоблайди. Яна 17 фоизи фуқаролардан муддати ўтган дориларни қабул қилиш мумкин, лекин фақат маълум шароитларда деган фикрда.
22% дори-дармонларни қабул қилишга тайёр, аммо утилизация билан ихтисослашган ташкилотлар шуғулланиши керак, деб ҳисоблайди. Яна 16% дорихоналар дори воситаларини кейинчалик утилизация қилиш харажатларини қоплаш шарти билан рози бўлиши мумкинлигини айтишган. Сўровда қатнашганларнинг 14 фоизи, агар утилизация қилинган дори воситалари ҳақидаги маълумотларни махсус тизимга киритиш талаб этилмаса, муддати ўтган дориларни қабул қилишга розилигини билдирашган, 13% қўшимча тўловлар эвазига масъулиятни бажаришга тайёр эканлигини, 23% эса ҳар қандай шароитда қўшимча мажбуриятга тайёр эмаслигини айтган.