14:20 (06.06.2023)
2289
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Зангиота тумани бўлимлари томонидан вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.К. 56 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини фуқаро В.Д.га 1,9 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар С.М. ва М.О. фуқаро Х.Х.га таркибида кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 288 дона дори воситасини 1,6 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.
Департаментнинг Бўка туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона вилоятидан келган Ш.Д. “Lacetti” русумли автотранспорт воситасида 21 дона “Тропикамид” нолми кучли таъсир қилувчи дори воситасини ўтказиш мақсадида олиб келганлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Худди шундай, Департаментнинг Юнусобод туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.Б.нинг “Hunday Elantra” русумли автотранспорт воситаси “Қашқар” МФЙ ҳудудида тўхтатиб кўздан кечирилганда, автомашина салонида 82 дона “Регапен”, 19 дона “Седоник” ҳамда 11 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари мавжудлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.