17:45 (19.09.2023)
1942
Бугун юртимизда тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Хусусан, сўнгги пайтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари тез-тез кузатилаётгани сабабли Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида тўғридан тўғри жавобгарлик белгиланди.
Бундай ҳолатларда фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача; мансабдор шахсларга эса – 7 дан 10 бараваригача жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу турдаги жавобгарлик белгиланиши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олиш ва фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 3,3 баробарга оширилиб, уларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига чек қўйилди.
Жумладан:
2022 йил 1 июндан бошлаб олий ва биринчи малака тоифаларга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ойлик лавозим маошлари 15 фоиз, иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг маошлари 10 фоиз, тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимларининг ойлик маошлари эса 15 фоизга оширилди.
Хусусан, айни пайтда олийгоҳни янги тамомлаган салоҳиятли оилавий шифокорнинг ўртача ойлик иш ҳақи устамалар билан бирга 5,4 млн. сўмни, илмий даражаси мавжуд бўлганда 6,2 млн. сўмни, янги иш бошлаганлиги учун қўшимчаси билан 7,2 млн. сўмни ташкил қилмоқда.
Агар ушбу даражадаги шифокор олис ва чекка ҳудудларга бориб ишласа, 9,2 млн. сўм миқдорда маош олади.