14:50 (05.11.2024)
420
Москва давлат университети мутахассислари сунъий интеллект (СИ) технологиялари ёрдамида I- турдаги қандли диабет билан оғриган беморларга инсулиннинг тунги дозасини аниқ ҳисоблашга ёрдам берадиган тизимни ишлаб чиқдилар. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.
"МДУнинг "Мия, когнитив тизимлар, сунъий интеллект" илмий-таълим мактаби вакиллари I- турдаг қандли диабет билан оғриган беморлар учун пролонгацияланган (тунги) инсулиннинг оптимал дозаларини ҳисоблашнинг янги усулини таклиф қилишди. Сунъий интеллект усулларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган тизим даволаш аниқлигини оширади ва гипогликемия ҳамда гипергликемия хавфини камайтиради," - дейилади университет хабарида.
Қандли диабетнинг I- тури сурункали касаллик бўлиб, қондаги қанд миқдорини доимий назорат қилиш ва инсулинни инъекция қилишни талаб қилади. Дозалашдаги хатолар ҳаёт учун хавфли ҳолатларга олиб келиши мумкин. Инсулин ҳажмини ҳисоблаш ҳар бир одамнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Олимлар томонидан ишлаб чиқилган тизим глюкоза даражасининг ўзгариши ва бемор томонидан илгари қилинган инъекциялар ҳажми ҳақидаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда тунги дозаларни ҳисоблаб беради.
Таклиф этилаётган сунъий интеллект моделини қондаги глюкоза даражасини мониторинг қилиш учун мобил иловаларга интеграция қилиш мумкин. Усул бир нечта нейрон тармоқ архитектураларига асосланган бўлиб, улар тизимга тиббий маълумотлардан ўрганиш ва аниқ дозалаш имконини беради.
Муаллифлар тадқиқотнинг кейинги босқичларида инсулин сезувчанлигига таъсир қилувчи препаратни қабул қилиш арафасида жисмоний юкламани ҳисобга олиш, шунингдек, узоқ муддат таъсир қилувчи инсулиннинг юқори дозаларини қабул қилиш туфайли Сомоджи синдромини башорат қилиш қобилияти каби параметрларни қўшиш орқали тизимни такомиллаштириш имкониятларини ўрганишни мақсад қилган.