08:25 (27.02.2024)
2450
Эндиликда ақлли аксессуарлар нафақат соат ёки узук, балки соғлиқни ўлчайдиган, жозибали кўринишдаги зирак ҳам бўлиши мумкин. Вашингтон университети тана ҳароратини ўлчайдиган, стресс ҳолатини аниқлайдиган ва уйқу режимини тартибга соладиган “ақлли” зираклар – Thermal earring ни тақдим этди.
АҚШ олимлари томонидан олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, қулоқдаги термал кўрсаткичлар тананинг бошқа қисмидаги кўрсаткичлардан кўра аниқроқ бўлиши исботланди.
“Мен соғлиғимни назорат қилиш учун ақлли соатлардан фойдаланаман, лекин кўпчилик бундай гаджетларни тақиш ноқулай деб ҳисоблайди. Масалан, мен зирак тақишни яхши кўраман, шунинг учун биз инсон қулоғидан қандай маълумотни олишимиз мумкинлиги ҳақида бош қотира бошладик. Кейинчалик, қулоқда тана ҳароратини ўлчаш қўл ёки билак билан солиштирганда анча аниқроқ экани маълум бўлди”, —дейди Ширли Сюе, Вашингтон университети аспиранти.
Thermal earring зиракларининг афзаллиги шундаки, тўхтовсиз ишлаган тақдирда унинг заряди 28 кунга етади. Бундай зиракдан фойдаланиш осон ва қулай: у барча керакли компонентлар, жумладан Bluetooth модули билан жиҳозланган. Инсон танасининг аниқ ҳароратини ўлчаш учун зираклар икки хил термометрдан иборат: бири қулоқ бўшлиғининг ҳароратини, иккинчиси атрофдаги ҳароратни ўлчашга мўлжалланган.
Ушбу аксессуар янада фойдали ва серқирра бўлиши учун унга юрак параметрларини ўлчайдиган махсус қурилма ўрнатиш устида изланиш олиб борилмоқда. Шунингдек, яқин келажакда одатий батареяни кинетик ёки қуёш батареяларига алмаштириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
“Келажакда соғлиқни назорат қилувчи заргарлик буюмлари тўпламини ишлаб чиқмоқчиман. Улардан бири – электрокардиография ўрнатилган маржон бўлиб, юрак уриши ҳақида яхшироқ маълумот олиш учун инсонларга хизмат қилади деган умиддаман”, қўшимча қилди Ширли Сюе.
Келажакда Вашингтон университетининг аспиранти “ақлли” заргарлик буюмларининг бутун туркумини яратиш ниятида. Ҳозирда бундай аксессуарлар сотуви йўлга қўйилмаган, бунинг учун улар турли тадқиқот ва текширувлардан ўтказилиши лозим.