12:17 (26.11.2024)
67
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти mpox (маймун чечаги) билан касалланишнинг ўсиши муносабати билан жаҳон соғлиқни сақлаш тизимида фавқулодда ҳолат режими сақланиб қолаётганини тасдиқлади.
Бундай қарорни mpox бўйича фавқулодда қўмита таркибига кирувчи экспертлар тавсияси асосида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебреесус қабул қилди.
Қўмита 22 ноябрь куни маймун чечаги билан касалланишнинг кўпайиши муносабати билан жорий йилнинг август ойидан бери иккинчи марта йиғилди. Гебреесус экспертларнинг ушбу касаллик "халқаро аҳамиятга эга бўлган жамоат соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазият бўлиб қолаётганлиги" ҳақидаги фикрига қўшилди. Бундай хулосага келиш учун касалланганлар сонининг ўсиши ва маймун чечагининг давом этаётган географик тарқалиши асос бўлди, бу эса "мамлакатлар ва ҳамкорлар" томонидан мувофиқлаштирилган жавоб чораларини кўришни талаб қилади, деб тушунтирди ЖССТ.
2022 йил бошидан буён 123 мамлакатда mpox билан 109 699 ҳолат, шу жумладан 236 ўлим ҳолати қайд этилган.
Аввалроқ ЖССТ 2022 йил июль ойида Фавқулодда вазиятлар режимини жорий этган, бироқ касалланишнинг пасайиши туфайли 2023 йил май ойида уни бекор қилган эди. Жорий йилнинг август ойида Африкада касалликнинг янги авж олишига жавобан фавқулодда ҳолатлар режими тикланди. Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (Африcа CDC) Африкада mpox билан касалланганлар сони йиллик ҳисобда 500 фоизга ошганини маълум қилди.