10:10 (14.03.2023)
2729
Euromonitor таҳлил компанияси маълумотларига кўра, 2022 йилда болалар учун рецептсиз бериладиган йўтал, шамоллаш ва аллергияга қарши воситаларнинг глобал бозори 2,5 миллиард AҚШ долларини ташкил этди.
Ушбу препаратлар иситма туширувчи парацетамол ва глицерин ёки пропилен гликол каби моддаларни ўз ичига олади.
Халқаро соғлиқни сақлаш идоралари Гамбияга етказиб бериладиган сироп таркибида иккита жуда заҳарли моддалар борлигини аниқладилар: этилен гликол ва диэтилен гликол. Ҳар иккаласи ҳам пропилентгикол ишлаб чиқаришда ножўя маҳсулот бўлиши мумкин, деди жаҳон стандартларини шакллантиришга ҳисса қўшадиган нотижорат ташкилот — AҚШ фармакопеясининг тартибга солиш масалалари бўйича директори, доктор Чаитаниа Кумар Кодури.
Фармацевтикада фойдаланиш учун пропилен гликол ишлаб чиқарувчилар ҳар қандай токсинларни олиб ташлаш учун уни тозалашлари керак, дейди Кумар Кодури. Халқаро стандартларга мувофиқ, препаратларда фақат оз миқдорига рухсат берилади – 100 мл сироп учун 0,1 г дан ошмаслиги керак.
Ушбу моддаларнинг барчаси ўхшаш хусусиятларга эга. Бироқ пропилен гликол токсик эмас, этилен гликол ва диэтилен гликол эса ўта хавфлидир. Aгар ошқозонга кирса, улар буйрак етишмовчилигига ва шошилинч чоралар кўрилмаса, ўлимга олиб келиши мумкин.
Кимёвий таркибий қисмларни етказиб берувчиларнинг иккита веб-сайтида келтирилган маълумотларга кўра, этилен гликол ва диэтилен гликол пропилен гликолдан икки баравар арзонроқ ва илгари баъзи ишлаб чиқарувчилар ушбу моддани саноат учун ишлатиладиган пропилен гликол ёки тозаланган этилен гликол ва диэтилен гликол билан алмаштиришган.
1990 йилларда Гаитида 90 га яқин ва Бангладешда 200 дан ортиқ бола парацетамол сиропига ишлатиладиган диэтилен гликол билан заҳарланиш натижасида вафот этган. Кейинчалик ўлим ҳолатлари Панама, Ҳиндистон ва Нигерияда кузатилди.
Ўшандан бери Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти халқаро талабларни, шу жумладан, ишлаб чиқарувчиларга ингредиентлар ва якуний маҳсулотларни кўпроқ синовдан ўтказиш талабларини кучайтирди. Бироқ ишлаб чиқариш ва истеъмол масалаларида қонунларни яратиш ва қўллаш муайян мамлакатларда ҳокимият органларида қолади.