Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти — парламент назоратида
“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 18, 19, 20, 21-моддалари ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Андижон, Фарғона ва Сирдарё вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари масъул раҳбарлари иштирокида ўтказилди.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолини ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни яхшилаш, фармацевтика тармоғини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги таҳрирдаги “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонун ҳамда 2020 — 2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси ушбу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими ҳамда Андижон, Фарғона ва Сирдарё вилоятларида “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг тегишли моддалари ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Асосий эътибор аҳолини зарур ва сифатли дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизимида электрон рецепт тизимини жорий этиш, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, олиб кириш ва айланмасини ҳисобга олиш механизмларини тубдан такомиллаштириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суистеъмол қилинишининг олдини олиш, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солиш борасида мавжуд муаммолар ва уларни бартараф қилиш масалаларига қаратилди.
— Қўмитамиз томонидан жорий йил август ойида мазкур Қонуннинг тегишли моддалари ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш мақсадида Андижон ва Фарғона вилоятларида бўлдик, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова. — Дори-дармонлар билан чакана савдо қилувчи дорихоналар фаолиятини ўрганиш жараёнида ҳар иккала вилоятда ҳам жиддий камчиликларнинг гувоҳи бўлдик. Хусусан, ҳар иккала вилоят дорихоналарида ҳам рецепт билан берилиши лозим бўлган дорилар бемалол рецептсиз сотилмоқда. Рецептсиз бериладиган, ҳаёт учун зарур дорилар рўйхати йўқ. Дорихонада хизмат қилаётган шахслардан тиббий кўрик ҳақида ёки малака оширганлик ҳақида маълумот сўралганда, тақдим этилмади. Уларнинг санитар ҳолати ҳам кўп ҳолларда талабга жавоб бермайди.
Яна бир эътибор қаратган жиҳатимиз — оммавий ахборот воситалари орқали турли дори воситаларининг реклама қилиниши билан боғлиқ ҳолат. Тўғри, қонунчилигимизда рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламасига рухсат берилган. Бу эса аҳоли ўртасида ўзини ўзи даволаш билан шуғулланиш ҳолатларининг ортишига, дорихоналар томонидан эса дори воситаларини чакана реализация қилиш тартибига риоя қилмаслик ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Йиғилишда мутасаддилар билан мазкур ҳолатни муҳокама қилиб, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришда фаол ҳамкорлик қилиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқишга келишиб олдик.
Йиғилишда депутатлар томонидан ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларнинг фикрлари эшитилди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, “Инсон қадри учун” деган тамойил асосида ҳар бир фуқарога давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратиш, бунда амалдаги қонунчиликка зарур ўзгартиришларни киритиш, дори-дармон сиёсатини назоратга олишга доир таклифлар ўртага ташланди.
Якунда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
- 24 Октябрь, 09:03
-
Батафсил