12:25 (01.05.2024)

1699

AstraZeneca коронавирусга қарши вакцинанинг ножўя таъсирларини тан олди

AstraZeneca суд ҳужжатларида биринчи марта COVID-19 га қарши вакцинаси ТТС синдроми (тромбоцитопенияли тромбоз синдроми) деб аталадиган кам учровчи ножўя таъсирга олиб келиши мумкинлигини тан олди, деб ёзди The Telegraph.

Суд ҳужжатларига кўра, компания жамоавий даъвога дуч келмоқда. Унда айтилишича, Оксфорд университети билан биргаликда ишлаб чиққан вакцина баъзи беморларда ножуя таъсирларга ва ҳатто ўлимга сабаб бўлган.

“Вакцина жуда кам ҳолларда тромбоцитопения синдроми (TTS) билан тромбозга олиб келиши мумкин. Бунинг сабаби номаълум”, — дейилади материалда.

Англия ва Уэльс Олий судига жами 51 та шикоят келиб тушган, уларнинг муаллифлари компаниядан 100 миллион фунт стерлинггача бўлган зарарни қоплашни талаб қилмоқда. Даъвогарларнинг адвокатлари AstraZeneca вакцинаси «нуқсонли» эканини, самарадорлиги «ўта бўрттирилган»ини айтмоқда.

Илк даъвогарлардан бири IT муҳандиси Жейми Скотт бўлиб, у 2021 йилда вакцина олганидан кейин қон ивиши оқибатида даволаб бўлмайдиган травматик мия жароҳати олганини даъво қилмоқда.

AstraZeneca бу каби ҳолатлар ва вакцинаси ўртасидаги боғлиқлик бўйича баҳслашмоқда, лекин февраль ойида судга тақдим этган ҳужжатларидан бирида компания вакцинаси «жуда камдан-кам ҳолларда» ТТСни келтириб чиқариши мумкинлигини тан олди. Компаниянинг таъкидлашича, «бунга сабаб бўлган механизм номаълум» ва ТТС AstraZeneca (ёки бошқа ҳар қандай ишлаб чиқарувчининг) вакцинаси қабул қилинмаган ҳолда ҳам содир бўлиши мумкин, шунинг учун ҳар бир ҳолат учун эксперт хулосалари талаб қилинади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 2021 йил февраль ойида AstraZeneca COVID-19 вакцинасини тасдиқдан ўтказганди. Эмлаш кампанияси бошланганидан кўп ўтмай, олимлар AstraZeneca вакцинаси ва янги касаллик — вакцинациядан келиб чиқадиган иммун тромботик тромбоцитопения (ВИТТ) ўртасидаги боғлиқликни аниқлаган. Даъвогарларнинг адвокатлари ВИТТ ТТСнинг бир тури эканини таъкидламоқда, аммо AstraZeneca бу атамани тан олмаяпти.

Буюк Британиянинг Дори-дармонлар ва соғлиқни сақлаш маҳсулотларини тартибга солиш агентлигининг (MHRA) расмий маълумотларига кўра, Буюк Британияда камида 81 ўлим тромбоцитлар даражаси паст бўлган одамларда тромбоз шаклланишига сабаб бўлган салбий реакция билан боғлиқ деб тахмин қилинган.

Буюк Британия ҳукумати эмлашнинг салбий оқибатлари учун компенсация схемасини жорий қилган, бироқ жабрланувчиларнинг айтишича, 120 минг фунт стерлинг миқдоридаги бир марталик тўлов етарли эмас. Telegraph томонидан олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, Британия ҳукумати томонидан 2024 йил февралигача тўланган 163 та компенсациянинг камида 158 таси AstraZeneca вакцинаси билан эмланганларга берилган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech