14:50 (12.11.2024)

90

Шамоллашда “Терафлю” ва “Нимесил” дори воситаларини бирга қўшиб ичса бўладими?

Саволга "Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази" ДМнинг Фармакология қўмитаси раиси Саидислом Абдуллаев жавоб берди.

- Ҳозирда шамоллаш касалликлари, ОРВИ, ГРИПП билан боғлиқ мавсумий касалликлар билан хасталаниш ҳолатлари кўп учраётган даврда албатта дори воситаларига эҳтиёж ортиши табиий. Лекин ҳар бир дори воситасини қабул қилишдан олдин албатта шифокор билан маслаҳатлашиш, унинг кўрсатмаларига қатьий амал қилиш талаб этилади.

Бунда шифокор беморга тайинлаётган дори воситасини неча ёшдан бошлаб ичиш мумкинлиги, қачон ва қандай дозаларда, овқатдан олдин ёки овқатдан кейин қабул қилиш, ва айниқса қайси дори воситалари билан биргаликда ичиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида маьлумот беради.

Зеро, шамоллаш касалликлари, ЎРВИ ва ГРИПП симптомларини бартараф этувчи дори воситалари рецептсиз сотиладиган дори воситалари тоифасига кирганлиги туфайли, улар беморлар томонидан мустақил равишда шифокор назоратисиз қабул қилинади. Шу боисдан ҳам бундай дори воситаларини қабул қилишдан аввал уларнинг қўлланилишига доир йўриқномалари ва улардаги кўрсатмалар билан албатта яхшилаб танишиб чиқиш зарур. Айниқса, қўллаш йўриқномасидаги “дори воситаларини ўзаро таъсири” бўлимига жуда катта эътибор бериш, уни пухта ва батафсил ўрганиб чиқиш лозим.

Чунки, мазкур дори воситаларининг таъсир этувчи моддалари “Ностероид яллиғланшга қарши воситалар” гуруҳига мансуб бўлиб, аксарият ҳолларда улар бир вақтда қўлланганда, албатта, таъсири кучаяди ва кутилганидан ҳам ортиқ самара кузатилади. Бироқ, бу гуруҳ дори воситалари бирга бир вақтда қўлланганда уларнинг ножўя таъсирлари ҳам ҳаддан зиёд ортиб, ўта нохуш ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Саволда айтилган дори воситаларини бир вақтда қабул қилиш орқали уларнинг таъсир самараси кучайгани билан бирга ножўя таъсирлар жуда кучайиб кетади. Яъни, дори воситалари бирга қабул қилинганда бир бирини таьсирини кучайтириши ёки самарадорлигини пасайтириши ҳамда бири иккинчисининг токсиклигини ошириши мумкин. Шунинг учун ҳам уларни қабул қилишда албатта шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech