10:00 (11.11.2024)
169
Сунъий интеллект ёрдамида саратон касаллигини эрта аниқлаш, ташхис қўйиш ва махсус дори-дармонлар ёрдамида даволаш амалга оширилади. Бу ҳақда Туркия гематология ассоциацияси профессори Эмин Кая “Hurriyet” нашрига маълум қилди.
Мутахассисга кўра, инновацион сунъий интеллект платформалари ёрдамида саратон ҳужайралари бир неча сония ичида аниқланади. Натижада ушбу тизимлар қон намуналарида ғайритабиий ҳужайраларни ажратишда сезгирликни таъминлайди ва улар 90 фоизгача аниқлик даражаси билан анъанавий усуллардан устун ҳисобланади. Бундай ҳолатда шифокорлар тезроқ қарор қабул қилиши ва даволанишни энг эрта босқичда бошлаши мумкин, бу эса юзлаб беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини беради.
“Касалликни гематологияда аниқлаш учун суяк илиги ва лимфа биопсияларини олиб, микроскопик текширув ҳамда клиник хулосалар олиниб, ташхис қўямиз. Биз ташхисни ҳам тўғри, ҳам тез қўйишимиз керак. Бу жараён сунъий интеллект ишга тушганда тезлашади. Айниқса, ҳужайра кўпайиши тез бўлган лейкемия каби саратон турларида эрта ташхис қўйиш – беморларнинг даволаниш имкониятларини сезиларли даражада оширади”, дейди Эмин Кая.
Маълум бўлишича, клиник тадқиқотларда CAR-Т ҳужайра терапияси каби махсус даволаш усуллари сунъий интеллект билан кўпроқ амалга оширилмоқда. Айниқса такрорланувчи саратонда қўлланиладиган ушбу усул билан даволаш жараёнлари беморлар учун янада самарали бўла олади. Сунъий интеллект беморларнинг тузалиб кетиш потенциалини башорат қилиш орқали натижаларни оптималлаштиради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида АҚШдаги Колумбия университети тадқиқотчилари иммун тизимини саратон ҳужайраларини йўқ қилишга ўргатадиган пробиотик бактерияларни ишлаб чиққанди. Ушбу кашфиёт келажакда нафақат ўсимталарга қарши курашадиган, балки касалликнинг қайталанишини олдини олиш имконини берадиган янги турдаги саратон вакциналарини яратишга олиб келиши мумкин. Шунингдек, ушбу вакциналар ҳар бир беморнинг касаллик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мослаштирилиши мумкин бўлади.