09:00 (10.05.2024)

1650

AstraZeneca бутун дунё бўйлаб коронавирусга қарши вакциналарини қайтариб олади — ОАВ

Британ-Швед фармацевтика компанияси AstraZeneca ўзининг коронавирусга қарши вакцинасини бутун дунё бўйлаб сотувдан қайтариб олади. Бу ҳақда The Telegraph хабар берди.

Компания ихтиёрий равишда “маркетинг рухсатномаси”ни бекор қилганидан кейин вакцинадан энди Европа Иттифоқида фойдаланиш мумкин эмас. Вакцинани бекор қилиш тўғрисидаги ариза 5 март куни топширилган ва 7 майда кучга кирган. Шунга ўхшаш аризалар бошқа давлатлар ва Буюк Британияга ҳам тақдим этилади.

Аввалроқ AstraZeneca коронавирусга қарши вакцинаси ўлимга олиб келадиган ножўя таъсирга эгалиги, яъни тромб ҳосил қилишини тан олганди. Оксфорд университети билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган вакцина беморларга жиддий зарар етказгани ёки ўлимга олиб келгани сабабли компанияга қарши жамоавий даъво қўзғатилган. Жабрланганлар ва марҳумларнинг яқинлари AstraZeneca компаниясидан 100 миллион фунт стерлинггача (124 миллион 733 минг доллар) товон пули талаб қилмоқда.

Биринчи бор вакцинанинг ножўя таъсири ҳақида 2021 йилда хабар берилган. Ўшанда вакцина билан эмланганлардан бирида тромб ҳосил бўлиб, миясига қон қуйилган. Бу эса органнинг тузатиб бўлмайдиган шикастланишига олиб келган. Компания вакцина тромбни келтириб чиқариши, аммо камдан-кам ҳолларда эканини тан олган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech