11:50 (20.11.2024)
47
Рақобат қўмитаси улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи дорихоналарни амалдаги талабларга риоя этган ҳолда фаолият юритиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида огоҳлантирди.
Қўмитанинг “Fair tech” ягона ахборот тизими орқали келиб тушган хабарлар ўрганилганда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 878 та (295 та улгуржи ва 583 та чакана) дорихоналар томонидан жами 107 773 та ҳолатда истеъмолчилардан 7 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари ортиқча олинганлиги аниқланиб, белгиланган тартибда истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилди.
Хусусан, 405 та (162 та улгуржи ва 243 та чакана) дорихоналар томонидан дори воситаларига белгиланган нархларни ошириб қўллаш натижасида 58 318 та ҳолатда жами 2 млрд сўмга яқин олинган асоссиз пул маблағлари истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиниб, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқлари тиклаш чоралари ҳам кўрилган.
Бундан ташқари, дори воситаларининг нархларини оширилиши юзасидан тўғридан-тўғри фуқаролардан 800 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижасида 100 млн сўмга яқин пул маблағлари истеъмолчиларга қайтарилиши таъминланган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-2647-сон қарорига мувофиқ, Рақобат қўмитасига дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган улгуржи ва чакана нархларига риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 185-сон қарорига кўра, улгуржи 15 фоиздан, чакана 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда савдо устамалари қўлланиш белгиланган.
Адлия вазирлигидан 10.06.2020-йилда 3242-рақами билан рўйхатдан ўтган Низомга кўра, референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тасдиқланган.
Вазирлар Маҳкамасининг 80-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг нархини давлат томонидан тартибга солишнинг белгиланган тартибига риоя қилмаслик лицензия талабларини (чакана учун қўпол равишда) бузиш ҳисобланади ва бу эса ваколатли орган томонидан Судга киритилган тақдирда дорихонанинг лицензиясини бекор бўлишига олиб келиши мумкин.