17:41 (08.02.2024)
1584
Хабарингиз бор, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Чортоқ туман тез ёрдам бўлими фельдшери томонидан яширин цех шароитида тайёрланган «Зодак», «Анаферон», «Хилак Форте» ва «Витамин В6» номли қалбаки дори воситалари Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилганлиги аниқланди.
Ушбу хабар юзасидан, ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар) барча ташкилотларни огоҳликка чақириб, қуйидагилари маълум қилади.
Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига, шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар муомаласини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мажбурий риоя этиш фармацевтика соҳасида лицензия талаблари ва шартлари этиб белгиланган.
«Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти» тўғрисидаги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, сифатсиз, қалбакилаштирилган, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини харид қилиш, чакана реализация қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тақиқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори билан тасдиқланган «Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида ягона низом»га мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган, сифатсиз, қалбакилаштирилган дори воситаларини ва тиббий буюмларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини сақлаш ва (ёки) реализация қилиш лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилиши ҳисобланиб, лицензиянинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатилишига олиб келади.
Юқоридагиларга асосан, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мазкур лицензия талаблари ва шартларини бузган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар) барча ташкилотларни фаолият учун берилган лицензияси бекор қилиниб, қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантиради!