09:01 (13.11.2024)
92
Таҳлилларга кўра, ўтган асрнинг 40-йилларига қадар дунё бўйича дори-дармонлар билан даволаш асоратларидан бор-йўғи 0,5-1,5 фоиз беморлар азият чеккан. Ҳозирга келиб бу кўрсаткич 15-30 фоизни ташкил қилмоқда. Дори аллергиясининг оғир асоратлари, хусусан, Лайелла синдромини келтириб чиқариши билан хавфли.
Aвстралиянинг Уолтер ва Елиза Холл институти сайтида эълон қилинган баёнотга кўра, австралиялик ва немис олимлари дунёда биринчи бўлиб Лайелла синдромини даволаш усулини топдилар.
Лайелла синдроми ёки токсик эпидермал некролиз (ТЕН) - бу юқори иситма, терининг юқори қатламлари пўстлоғининг жароҳатланиши ва оғриқли пуфакчалар билан тавсифланадиган оғир тери реакцияси. Ушбу касалликдан ўлим даражаси тахминан 30% ни ташкил қилади.
Асосан тананинг айрим дори-дармонларга индивидуал реакцияси туфайли юзага келадиган Лайелла синдромида бадандаги пуфаклар ёрилгач, суюқлик таркибидаги эриган туз ва оқсиллар буғланади. Оқибатда тана сувсизланиб, қон қуюқлашади, натижада қон айланиши бузилиб, юрак, ўпка ва буйраклар фаолияти ёмонлашади. Гипертензия, тахикардия, юрак ва нафас етишмовчилиги кузатилади. Пешоб ҳосил бўлиши ва заҳарли моддаларнинг организмдан чиқарилиши тўхтайди. Бундан ташқари, терининг тошмалардан жароҳатланган жойларига вирус ва бактериялар осон ўрнашиб, бошқа хавфли касалликларни келтириб чиқаради.
Aвстралия институти баёнотига кўра, тадқиқот Германиянинг Max Planck биокимё институти билан ҳамкорликда ўтказилди. Олимлар касалликка чалинган етти нафар беморнинг тери намуналарини таҳлил қилишди ва илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда “алоҳида ҳужайраларни катталаштириш ва уларни батафсил ўрганиш, бу ҳалокатли касалликни келтириб чиқарадиган минглаб оқсиллар харитасини яратишга муваффақ бўлишди”. Бу ҳужайралар бўлиниши ва иммунитет реакциялари учун масъул бўлган JAK/STAT сигнал йўлининг гиперактивлигини аниқлади ва "бу ҳалокатли ҳолатга аралашиш имкониятини очади".
Қайд этилишича, клиникадан олдинги синовлар ижобий натижалар берган. Ва бу янги даволаш усулини етти нафар беморда муваффақиятли синовдан ўтказиш имконини берган. Кейинги босқич клиник синовлар ва ТЕНни даволашнинг янги усули сифатида сертификатлашни ўз ичига олади.