15:35 (23.09.2024)

301

Лицензиясиз фаолият юритган табибларга маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунда тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосасига асосан халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Бунда соғлиқни сақлаш амалиётида ташхис қўйиш ва даволашнинг фақатгина қўллашга рухсат этилган усулларидан фойдаланишга йўл қўйилади.

Шу билан бирга, қонунчиликда халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини кўрсатганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.

Бунинг натижасида фуқаролар сохта табибларнинг қурбонига айланмоқда, бундай хизматларнинг оқибатлари эса фуқароларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатилганлик, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда.

«Реклама тўғрисида»ги Қонун халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини реклама қилишни тақиқловчи норма билан тўлдирилмоқда.

Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech