15:29 (16.09.2024)
268
Нурмат Атабеков, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:
— Кузнинг биринчи ойи яримлаб қолди. Ҳадемай ёғингарчилик мавсуми бошланиб, ҳаво ҳарорати сезиларли даражада пасаяди. Бу — грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг тарқалиши учун қулай давр. Кўтарилиш мавсуми эса одатда ноябрь ойидан бошланиб, март ойигача давом этади.
Грипп вирусининг хавфли жиҳатлари ва асоратлари кўпчиликка маълум: бу касаллик қон томирлари деворларининг ҳимоя қобилиятини сусайтириб юборади. Шу сабабли инфекциялар қон оқими орқали ички органларга етиб бориб, яллиғланиш ўчоқларини ҳосил қилади.
Оқибатда у пневмония, бронхит, юқори нафас йўлларининг иккиламчи бактериал инфекциялари, асаб ва юрак-қон томир тизими ҳамда қандли диабет каби хасталикларни келтириб чиқаради. Энг ёмони, ушбу дарддан ўз вақтида даволанмаслик ўлим ҳолатларига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таҳлилий ҳисоботи бор. Унга кўра, дунё бўйича йилига 650 минг нафарга яқин инсон мавсумий гриппдан вафот этади.
Албатта, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган афзал! Хўш, бу борада қандай муҳим тавсиялар бор?
Аввало, иммун тизимини мустаҳкамлаш лозим. Шунда организмнинг турли касалликларга нисабатан ҳимоя қобилияти ошади. Қолаверса, гриппдан ишончли ҳимояланиш учун унга қарши эмланиш — энг тўғри ва оқилона усул.
Чунки вакцина хавфсиз ва юқори таъсирга эга. Йиллик касалланиш ва ўлим ҳолатларини етарлича камайтиради. Яъни замонавий гриппга қарши эмлаш воситаларининг самарадорлиги 90 фоизга тенг.
Бинобарин, бундай вакцина организмда 15 кун ичида гриппга қарши иммунитет ишлаб чиқади. Таъсир кучи 1 йилга етади.
Эмлашдан олдин шифокор томонидан, албатта, эмланувчи шахснинг умумий саломатлиги текширилиб, шунга кўра вакцинация қилиш-қилмаслик белгиланади. Яъни, эмланадиган киши шамоллаш, нафас олиш йўллари яллиғланиши каби касалликлардан тамоман соғлом бўлиши керак.
Шунингдек, вакцина таркибидаги компонентларга нисбатан аллергик таъсирчанлик даражаси ҳам текширилади.
ЖССТ ушбу вирусга қарши, биринчи навбатда, ҳомиладор аёллар, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар, кекса ёшли инсонлар (65 ёшдан катта), сурункали касалликлари бор беморлар ва тиббиёт ходимларини эмлашни тавсия этади.