11:07 (17.05.2023)
2706
IQVIA халқаро таҳлилий компанияси томонидан ўтказилган тадқиқот давомида қозоғистонлик беморларнинг дори воситалари, тиббий буюмлар, БФҚ ва бошқа соғлиқни сақлаш маҳсулотларини онлайн ва офлайн харид қилишдаги хатти-ҳаракатларининг ўзига хос хусусиятлари ўрганилди. Тадқиқот доирасида Қозоғистоннинг 16 шаҳридан 300 нафар респондент билан онлайн суҳбат ўтказилди.
Суҳбат 2023 йил март ойида бир нечта очиқ саволлардан иборат тузилган сўровнома ёрдамида ўтказилди. Охирги 6 ой давомида онлайн ва офлайн сегментларда харид қилиш тажрибаси ўрганилди. Дори воситалари ва тиббий буюмларни харид қилишда фойдаланиладиган онлайн платформалар, дорихона тармоқлари баҳоланди.
Тадқиқот натижаларига кўра, респондентларнинг қарийб ярми - 49 фоизи дори воситалари ва тиббий буюмларни оддий дорихоналар ва интернет сайтларидан харид қилишган, 1/3 қисмидан кўпроғи эса фақат дорихоналардан харид қилган. Респондентларнинг атиги 13 фоизи барча фармацевтика маҳсулотларини интернет орқали харид қилади. Aсосан, бу ёндашув 25-34 ёшдаги респондентлар томонидан қўлланилади.
Оддий дорихоналардан респондентларнинг катта қисми дори-дармонларни (80%), гигиена ва оғиз бўшлиғини парвариш қилиш воситаларини (67%) ва тиббий маҳсулотларни (45%) сотиб олади.
Офлайн харидларда энг катта талаб грипп ва шамоллашни даволовчи дори воситалар, тиш пасталари, антибиотиклар, микробларга қарши воситаларга қаратилган.
Интернетда респондентлар кўпинча косметика, витаминлар, биоқўшимчалар, гомеопатия, гигиена ва оғиз бўшлиғини парвариш қилиш воситаларини сотиб олишади.
Шундай қилиб, тадқиқот шуни кўрсатадики, Қозоғистонда онлайн савдо канали ривожланмоқда, аммо истеъмолчилар ҳали ҳам дори воситаларини дорихоналардан сотиб олишни афзал кўришади.