08:50 (10.10.2024)

73

Реимбурсация тизимида иштирок этадиган дорихоналарнинг қандай мажбурияти бор?

Касалликларни амбулатор шароитда даволашда дори воситалари харажатларини қоплаш бўйича реимбурсация дастури тўғрисидаги Низомга кўра, реимбурсация тизимида иштирок этадиган дорихоналарга мазкур дастур асосида бериладиган дори воситаларининг доимий мавжуд бўлишини кафолатлаш ва чакана савдо тармоқларида узлуксиз мавжудлигини таъминлаш масъулияти юклатилади.

Бунда дорихона дори воситаларининг етказиб берилишидаги узилиш ҳолатлари тўғрисида Жамғармани етти кун аввал хабардор қилиши лозим.

Жамғарма билан тузилган шартномага асосан дорихона ахборот тизимига уланади ва 5 иш куни ичида реимбурсация тизимида иштирок этувчи ўз филиаллари ҳамда ахборот дастурида ишлашга рухсат берилган ходимлари тўғрисидаги маълумотни Жамғармага тақдим этади.

Реимбурсация дастури асосида бериладиган дори воситалари бўйича дорихоналарнинг харажатлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Жамғарма томонидан чекланган қоплаш қиймати доирасида қоплаб берилади.

Дорихона томонидан реимбурсация дастури асосида бериладиган дори воситалари учун бемордан тўлов олинганлиги ҳамда реимбурсация дастури талабларига риоя этилмаслик ҳолати аниқланганда Жамғарма:

биринчи маротаба — огоҳлантириш бериш;

иккинчи маротаба — бир томонлама тартибда шартномани бекор қилган ҳолда дорихонани реимбурсация дастуридан чиқариш ҳуқуқига эга.

Бунда реимбурсация дастуридан чиқарилган дорихона ходимларининг ахборот дастурига кириши тўхтатилади ва хабарнома берилган кундан кейин берилган дори воситалари учун тўлов амалга оширилмайди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech