11:45 (07.02.2024)
1320
Соғлиқни сақлаш вазирлигида Беларусь Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Александр Ходжаев бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида сўнгги пайтларда икки давлат ўртасида тиббиёт соҳасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Хусусан, ўтган йилнинг ноябрь ойида юртимизда Ўзбекистон – Беларусь соғлиқни сақлаш ва тиббий таълим кунлари, Минск шаҳрида эса Ўзбекистон – Беларусь тиббиёт форуми ўтказилган эди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи А. Худаяров оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш Ўзбекистон учун Беларусь билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.
Бугунги кунда ушбу мамлакатнинг “Она ва бола” РИАМнинг 4 нафар юқори малакали мутахассиси Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Қашқадарё вилояти филиалида фаолият юритмоқда.
Мазкур йўналишда, айниқса, неонатология ва болалар реанимацияси, Беларуснинг ушбу соҳадаги бошқарув тизимининг юртимизда жорий этилишини жадаллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида юртимизда ҳамширалар малакасини ошириш белгиланди.
Шунингдек, кардиология, онкология, болалар онкогематологияси, травматология ва ортопедия, трансплантология, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, аҳоли иммунизацияси, реабилитация каби қатор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқот давомида фармацевтика соҳасидаги шерикликни янада кенгайтириш, шу жумладан қон плазмаси асосида дори воситаларининг юртимизда ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш, тиббиёт муассасаларига замонавий диализаторларни етказиб бериш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида, бугун, 7 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган II Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро форуми доирасида "Спорт, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш" мавзусида панель сессияси ўтказилиши режалаштирилган.