11:55 (18.07.2024)
1380
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир пайтнинг ўзида ҳам гепатит C ҳам кенг турдаги дориларга ёки рифампицинга чидамли туберкулёздан азият чекаётган беморларни даволашга доир тезкор хабарни эълон қилди.
Тадқиқотлар давомида тасдиқланишича, ҳар икки хасталикни биргаликда муолажа қилиш бир қатор афзалликларга эга. Хусусан, бундай терапия даволаш самарадорлигини ошириб, кузатув остидаги беморлар сони камайиши ҳамда ўлим кўрсаткичлари қисқаришига хизмат қилади.
Мазкур жараёнда қисқа ёки узоқ муддатли перорал муолажа курсларидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун дори воситаларининг ўзаро таъсири ва беморнинг хоҳиш-истаклари инобатга олиниши керак.
ЖССТ келгусида ушбу ёндашув асосида сил касаллигини даволашга доир тавсияларига тегишли ўзгартиришлар киритишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз: туберкулёзнинг олдини олиш ва уни тўлиқ даволаш мумкинлигига қарамай, бу хасталик ер юзида ҳар йили 1,6 миллион нафар одамнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Гепатит эса юқумли касалликлар орасида ўлим ҳолатлари сони бўйича дунёда иккинчи ўринда туради ва йилига 1,3 миллион инсон шу хасталикдан кўз юмади.