Янгиликлар

not found

ЖССТ: Дунёда сурункали гепатит B га чалинган беморларнинг 90 фоизига ўз вақтида ташхис қўйилмайди

Гепатит — хавфли касаллик. Сўнгги таҳлилларга кўра, бу дард дунё бўйича йилига миллиондан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлмоқда. Вирусли гепатитнинг, айниқса, B ва C турларидан касалланиш ҳамда ўлим кўрсаткичлари юқори. Хасталикнинг C турини тўлиқ даволаш мумкин. Аммо бу инфекцияни юқтирганларнинг фақат 21 фоизига ўз вақтида ташхис қўйилиб, атиги 13 фоизи зарур муолажаларни олаётгани ачинарли статистика. Худди шундай, сурункали гепатит B дан азият чекувчи беморларнинг бор-йўғи 10 фоизи ўз хасталигидан хабардор ва 2 фоизигина зарур дори-дармонларни қабул қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, ЖССТ 2030 йилга бориб, гепатитни камайтириш бўйича янги тавсияларни тақдим этиш ҳаракатида. Унга кўра, хасталикнинг B ва C турлари билан касалланиш ва ундан ўлим ҳолатларини камайтириш учун ташкилотга аъзо мамлакатлар қуйидагиларга амал қилиши зарур: — гепатит B га чалинган барча ҳомиладор аёллар даволанишини таъминлаш ва улардан дунёга келган чақалоқларни ушбу хасталик турига қарши эмлаш; — гепатитнинг B ва (ёки) C турларини юқтирган беморларни ташхислаш кўламини 90 фоизга ва бундай инсонларни дори-дармонлар билан таъминлаш қамровини 80 фоизга етказиш; — қон қуйиш, инъекция юбориш хавфсизлигини кафолатловчи илғор амалиётларни жорий этиш. Шунингдек, болаларни мазкур касалликка қарши оммавий эмлаш орқали гепатит B га чалиниш ҳолатларини камайтириш асосий стратегик мақсадлардан бири. Умуман, ЖССТ ўз соғлиғини қадрлаган ҳар бир инсонга вақти-вақти билан гепатит текширувидан ўтишни, инфекция аниқланса, пайсалга солмай даволанишни ва хасталикнинг B турига қарши эмланишни тавсия қилади. Қолаверса, экспертлар хулосасига кўра, спиртли ичимликлардан тийилиш, вазнни меъёрида сақлаш, қон босими ва қондаги қанд миқдорини доимий назорат қилиб бориш ҳам жигарнинг соғломлигини таъминлашга ёрдам беради.

  • 1 Август, 15:10
  • Батафсил
not found

ССВ: Юртимизда нуронийлар бепул соғломлаштирилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир янги акцияни эълон қилди. Унга кўра, жорий йил 1 августдан 1 сентябргача юртимизда “Кексалар саломатлиги ойлиги” ташкил этилади. Бу даврда мамлакатимиздаги нуроний отахон ва онахонлар малакали шифокорлар томонидан ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Таъкидлаш лозимки, айни дамда юртимизда 55 ёшдан ошган 3 миллион 200 минг нафарга яқин пенсия ёшидаги нуроний юртдошларимиз умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг саломатлигини тиклашда, албатта, ўз вақтида кўрсатиладиган сифатли тиббий хизматнинг ўрни бениҳоя муҳим. Шу боис ушбу акция давомида тиббий текширув натижаларига мувофиқ аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида кексаларнинг соғлигини мустаҳкамлаш чоралари кўрилади. Бунинг учун дастлаб тиббий текширувдан ўтказиладиган нуронийлар рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади. Шундан сўнг акцияга жалб қилинган кекса ёшли инсонлар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади. Тиббий кўриклар якунида: ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган катта ёшли беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади; юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор кекса ёшли беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади. Ўз навбатида, олис ва чекка ҳамда чегара ҳудудларда сайёр тиббий бригадалар томонидан чуқурлаштирилган текширувлар ўтказилади. Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан жорий йил мамлакатимиз бўйлаб бир қанча саломатлик ойликлари ташкил этилди. Мазкур соғломлаштириш тадбирлари орқали қишлоқ хўжалиги ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, ёшлар, мактаб ўқитувчилари ҳамда боғча тарбиячилари тиббий текширувдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича уларнинг саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилди.

  • 1 Август, 12:08
  • Батафсил
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech