Меҳнатга лаёқатсизлик варақалар ҳақида нималарни билишимиз керак
Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари энг кўп маротаба расмийлаштириладиган хужжат диб айтсак муболаға бўлмайди. Шунинг учун Адлия вазирлиги Ҳуқуқни қўллаш департаменти томонидан айнан ана шу хужжат борасида энг кўп маротаба бериладиган саволларга жавоблар берилди.
Қандай ҳолларда меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади?
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси қуйидаги ҳолларда берилади:
фуқароларнинг касаллиги, шикастланганлиги, ҳомиладорлиги, туққанлиги;
оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги;
протез қўйдирганлиги;
санаторий-курортда даволанганлиги;
соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказиш учун;
карантин туфайли меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини тасдиқлаш учун.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси фақат давлат тиббиёт муассасаларида бериладими?
Йўқ. Қоида тариқасида, давлат соғлиқни сақлаш тизими даволовчи шифокорлари томонидан берилади. Агар давлат ташкилотларда ўзларига қарашли даволаш-профилактика муассасалари мавжуд бўлса, улар томонидан ҳам берилиши мумкин. Хусусий клиникалар ҳам меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини беришга ҳақли. Бунда муассаса меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертиза қилиш бўйича етарли малакали ходимга эга бўлиши шарт.
Ўқувчи, талаба ёки магистрантнинг ўқишга вақтинча лаёқатсизлиги қандай расмийлаштирилади?
Ўқувчи, талаба, магистрант, клиник ординатор ва катта илмий ходим-изланувчиларнинг ўқишга вақтинча лаёқатсизлиги меҳнатга лаёқатсизлик маълумотномаси билан тасдиқланади. Бунда маълумотномалар, қоида тариқасида, давлат тиббиёт муассасалари, шунингдек, давлат ташкилотларига қарашли тиббий муассасаларнинг шифокорлари томонидан берилади.
“Тез ёрдам” шифокори меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериши мумкинми?
Йўқ. Тез тиббий ёрдам хизмати томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақалари берилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, қуйидагилар томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақалари берилиши тақиқланади:
шифохоналарнинг қабул бўлимлари;
суд-тиббий экспертиза муассасалари;
панционат ва санаторий-курортлар (сил касалликлари санаториялари бундан мустасно);
физиотерапия, даволаш жисмоний тарбияси ва спорт тиббиёти ихтисосликлари бўйича тиббий муассасалар.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси қанча муддатга берилади?
Амбулатория шароитида даволанишда даволовчи шифокор якка ўзи беш календарь кунигача меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бериши мумкин. Беш календарь кунидан ошганда меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддати даволовчи шифокор ва бўлим мудири томонидан ҳар сафар ўн календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.