09:00 (10.07.2024)

244

Тошкент вилоятида 3,3 млрд сўмлик психотроп моддалар айланмасига чек қўйилди

ИИВ ҳамда ДХХ ходимлари томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда 3 миллиард 300 миллион сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Билдирилишича, Бўстонлиқ ва Яшнобод туманларида ўтказилган тадбир давомида 27 ва 21 ёшли икки нафар шахс Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Хўжакент маҳалласи ҳудудидаги дала ҳовлида кучли таъсир қилувчи моддаларни қўлбола усулда қадоқлаш билан шуғулланиб келаётгани аниқланган.

Ушбу манзилдан 13,5 килограмм прегабалин ҳамда 20 литр тропикамид моддалари, шунингдек, мазкур моддалар учун мўлжалланган 60 минг дона бўш капсулалар топилган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, қўлга олинган шахсларга катта миқдорда дори воситаларини олиб келган 26 ва 31 ёшли курерлар «Nexia» русумли автомобилда ушланиб, ҳайдовчининг ёнидан 10 дона прегабалин топилган.

Дастлабки суриштирувлар давомида ушланган шахслар Telegram'да ташкил этилган каналда дори воситаларини қадоқловчи ва етказиб берувчи сифатида ишлаётгани маълум бўлган.

Тадбир давомида қўлга олинган шахслардан 3 миллиард 300 миллион сўмлик прегабалин ва тропикамид кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинган. Ҳолат юзасидан Тергов департаменти томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech